Финляндия бош вазири Юха Сипиля самолётда бўш жой бўлмагани сабабли Хельсинкидан Оулу шаҳригача бўлган бутун йўлни самолёт ҳожатхонасида ўтиришга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВлар.

Финляндия бош вазири ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш ислоҳотлари бўйича музокаралар чўзилиб кетгани сабабли Оулуга рейсга кеч қолди. Сипиля у ерга рафиқаси билан бориши керак бўлган. Оқибатда бош-вазир ва унинг рафиқаси эрталаб қутқарув хизматининг самолётида учишга қарор қилишди. Бироқ бортда фақатгина биргина бўш ўриндиқ бўлган ва бош вазир бу жойни рафиқасига бериб, ўзи эса ҳожатхонада ўтириб кетишга мажбур бўлган.

Аввалроқ шунга ўхшаш таажжубли воқеа Шимолий Каролина штатидан Нью-Йорк шаҳрига рейс амалга ошираётган Chatauqua Airlines авиакомпанияси самолётида юз берган эди. Самолёт сардори самолёт ҳожатхонасида қулфланиб қолган. У эшикни тақиллата бошлаган. Йўловчилардан бири буни эшитиб қолиб, ёрдамга ошиққан. Учувчи ундан учувчилар кабинасига бориб, бу ҳақда экипаж аъзоларига айтишни илтимос қилган. Бироқ самолёт экипажи уларга воқеани айтмоқчи бўлган йўловчини кабинага киришга уринаётган террорчи деб ўйлаб, самолётни зудлик билан қўндирган.