Мьянма шимолидаги Качин вилоятида юз берган ер кўчкиси туфайли ҳалок бўлганлар сони 90 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматга асосланиб, Франс Пресс нашри хабар тарқатган.

Бундан олдинги хабарда бу табиат ҳодисаси туфайли 75 киши вафот этгани айтилганди.

"Биз 21 ноябрь куни 79 киши жасадини, бугун эса 11 киши жасадини тупроқ остидан чиқариб олдик", дейилган хабарда.

Ер ўпирилиши олтин ва нефрит шахталаридан олинган жинслардан иборат, баландлиги 300 метрлик тоғда қайд этилди. Вайроналар остида 70га яқин уй қолиб кетган.

Таъкидланишича, қурбонлар сони ошиши мумкин, чунки вайроналар остида юзлаб одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.

Махсус гуруҳлар ҳудуддаги қутқарув ишларини давом эттиришмоқда.