АҚШ президенти Барак Обама Россияни Суриядаги бомбардимонлар давомида курашни ИШИДга қаратишга чақирди. Обаманинг айтишича, Россия самолётлари ИШИД ва Башар Асад қўшинларига қарши курашаётган ўртамиёна муҳолифат позицияларини бомбардимон қилаётгани баъзи ҳолларда ИШИДнинг кучайишига олиб келмоқда. Обаманинг бу сўзларини АР ахборот агентлиги келтирмоқда.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги АҚШнинг Сурияда Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёргарлигига ишора қилувчи Обаманинг бошқа сўзларини келтириб ўтди. Россиянинг ИШИДга қарши курашда иштироки фойдали бўлади, деб айтмоқда Обама. Бироқ бунинг учун стратегик қарор қабул қилиш лозим. Обаманинг фикрича, ҳозир Россия кўпроқ даражада Асадни қўллаб-қувватлаш ва унинг душманлари билан курашиш билан банд. “Асадни ҳокимият тепасида сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди. Биз бу ҳолда урушни тўхтата олмаймиз”, деб таъкидлаб ўтди Обама.

“Россия раҳбарияти россиялик фуқароларни ўлдирган одамларни нишонга олиши керак”, деб айтди Обама Малайзияда журналистларга Мисрда фалокатга учраган Россия самолёти ҳақида гапириб. Ушбу фалокат учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Шарқий Осиё саммитида журналистлар билан суҳбатлашиш давомида Обама АҚШ ва унинг иттифоқчилари курашни давом эттириб, террорчиларнинг даромад манбаларига зарбалар бериб ва уларнинг етакчиларини йўқ қилиб ИШИДни яксон қилишини айтди.

Обама саммит чоғида Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиши учун имконияти бўлган эди. Бироқ Куала-Лумпурда Медведев ва Обама ўртасида учрашув бўлмади. Медведев бу ерда БМТ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди. Пан Ги Мун Россия террорчилик муаммосини ҳал қилишда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини айтди. Медведев ўз навбатида террорчилик билан “сиёсий ва ҳарбий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолда” курашишга чақирди.