Қозоғистонликлар WhatsApp мобиль мессенжерига йирик савдо марказларида терактлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида хавотирли хабарлар олишмоқда, деб хабар бермоқда nur.kz нашри. Бироқ мамлакат ички ишлар вазирлиги бу ахборотни инкор қилмоқда.

“Муҳим хабар келди, ҳазил эмас, келтириб ўтаман: “Танишимга хабар келган: “Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги йиғилишдан кейин келган: гавжум жойларга, савдо маркази, кўнгилочар жойлар, гипермаркетларга борилмасин. Россиянинг Суриядаги ҳаракатлари туфайли бир қатор терактлар уюштирилмоқда. Ҳурматли ҳамкасблар, инобатга олиб қўйинг. ИИВ хабарига кўра, 18 нафар террорчи-худкуш юборилган, яқин дам олиш кунлари йирик савдо марказларида терактлар уюштирилиши мумкин. Яқинларингиз ва танишларингизни огоҳлантириб қўйинг. Илтимос бунга жиддий муносабатда бўлинг, бизда жуда қаттиқ кучайтириш жорий қилинган. Автобусда портловчи қурилма солинган пакет топилган, огоҳроқ ва эътиборлироқ бўлинг”, дейилмоқда юборилаётган хабарларда.

Бу орада Қозоғистон ИИВда бу ахборот тасдиқланмаяпти. Вазирликда таъкидланишича, республикадаги вазият назорат остида қолмоқда.

“WhatsApp мессенжери ва баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ИИВга иқтибос келтирган ҳолда йирик савдо марказларида терактлар уюштирилиши мумкинлиги ҳақида ахборот тарқатилмоқда. Фуқароларни ижтимоий тармоқлардан олинаётган хабарларга ишонмасликка, балки ваколатли давлат органларидан олинган расмий хабарларга таянишга чақирамиз”, деб айтилмоқда ИИВ хабарида.