Украинанинг Херсон вилоятида Қримга кетувчи электр узатиш линиялари устунлари портлатиб юборилди, деб хабар бермоқда “112 Украина” телевидениеси.

Бу ҳақда Украина ИИВ вакили Илья Кива ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ва Қримда тақиқланган ATR қрим-татар телеканали бош муҳаррири Усман Пошаев маълум қилди.
Натижада яриморолнинг 1,9 млнлик аҳолиси электр энергиясиз қолди. Ҳаммаси бўлиб яриморолда 2,3 млн киши яшайди.

Бир ярим йил аввал Россия таркибига қўшилган Қрим яримороли электр энергия билан Украина томонидан таъминланган, бироқ Херсон вилоятидаги электр узатиш линиялари устунлари 22 ноябрда портлатилгандан кейин тунги соат 00.20 дан кейин электр берилиши тўлиқ узилиб қолди.

Аввалроқ АЁҚШлар Қримдаги дизель-генераторларга ёнилғи беришлари маълум қилинганди, бироқ бошқа исталган муқобил энергия манбалари электр энергияга бўлган эҳтиёжларни тўлиқ ҳажмда таъминлай олмайди.

Россия алоқа ва коммуникациялар вазирининг айтишича, эрталабга яқин уяли алоқа билан муаммолар вужудга келиши мумкин. Шу билан бирга телеканаллар ва асосий радиостанциялар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.