ИШИД террорчилик гуруҳи сафида жанг қилгани Яқин Шарққа 484 нафар чечен кетган, улардан 200 нафари йўқ қилинган, ўз қилмишидан пушаймон бўлган 50 нафари ўз юртига қайтган. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров “ТВ Центр” телеканали эфирида маълум қилди.

“484 нафар бизнинг одам ИШИД сафига қўшилиш учун жўнаб кетган, 200 нафари йўқ қилинган. ИШИД томонга ўтганидан пушаймон еган 50 га яқин одамни ортга қайтардик. Улар республикада яшаб, махсус хизматларга кўмак кўрсатмоқда. У ерда қолганларни эса албатта йўқ қиламиз”, деб айтди Қодиров.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ИШИД сафида 25 мингдан кўпроқ хорижий жангари, жумладан араб давлатлари, Европа, Россия ва МДҲ фуқаролари жанг қилмоқда. Маълумотларга кўра, Россиядан Сурияга 2719 одам кетган, улардан 160 нафари йўқ қилинган, 73 нафари қайтиб келиб, жазоланган, 36 киши ҳибсга олинган.    

Шунингдек, Сурия ва Ироқда ИШИД сафида Қирғизистондан 500 киши, Ўзбекистондан – 600, Тожикистондан – 300, Туркманистон ва Қирғизистондан 200-250 нафардан одам жанг қилмоқда.