Бельгияда вазият жиддийлигича қолмоқда. Кейинги 2 кун ичида ўтказилган аксилтеррор амалиёт якунида 21 киши ҳибсга олинди, ҳуқуқни сақлаш органлари аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.

Бельгия полицияси Брюссел, Льеж ва Шарлеруада якшанба куни ўтказилган тинтувлар натижасида 16 кишини ҳибсга олганди.

Бельгия прокуратураси расмий ходимининг сўзларига қараганда, Брюсселнинг Моленбек-сен-Жан, Андерлехт, Жетт, Скарбек, Волюве-сен-Ламбер ва Форе коммуналарида ва Шарлеруада тинтувлар ўтказилди.

“21 киши вақтинча ҳибсга олинди, эртага суд терговчиси уларнинг ҳибс остида қолдирилиши ёки озод қилиниши ҳақида қарор қабул қилади”, — деди прокуратура вакили.

Шу билан бир вақтда расмий вакил тергов охирга етмагунича уларнинг исмини ошкор қила олмаслги айтди.

Буюк Британия ТИВ Белгиядаги ўз фуқароларига, махсус операция муносабати билан, ушбу мамлакат ҳуқуқни сақлаш органлари талабларини тўлиқ бажаришни тавсия қилмоқда.

“Агар сиз махсус операция ўтказилаётган ҳудудда бўлсангиз, Белгия махсус хизматлари талабларини тўлиқ бажаришингиз керак”, — дейилган Британия ТИВ мурожаатномасида.
Британия вазирлиги ўз фуқароларига “одам кўп тўпланадиган, жумладан: концертлар, йирик тадбирлар, станциялар, аэропортлар, жамоат транспорти, катта савдо марказларига бормасликни ва хавфсизлик хизматлари текширувларига тўғри муносабатда бўлишни” сўрамоқда.

Чет эл махсус хизматларидан олинган маълумотларга асосланиб Брюсселниг баъзи коммуналарида тинтувлар ўтказилди. Улар қаторида Брюсселнинг марказий коммунаси ва эмигрантлар кўп яшайдиган Моленбек ва Эттербек туманлари ҳам бор. Ушбу операция охирги йилларда ўтказилган энг йирик махсус операция бўлган. Уни ўтказиш учун полиция ва ҳарбий вертолётлардан фойдаланилди.

Бироз олдинроқ, Канада Брюсселдаги элчихонасини ёпгани хабар қилинганди.

21 ноябрда Брюсселда террористик хавфнинг тўртинчи даражаси эълон қилинган эди. 22 ноябрь, якшанба куни эса хавфнинг юқори даражаси яна бир кунга узайтирилди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудадларида хавфнинг учинчи даражаси ҳамон амал қилмоқда.

Бельгияда Париж теракти ташкилотчиси ва терактга алоқадор бошқа шахслар борлиги гумон қилинмоқда.

Дастлабки хабарларда Бельгияда махсус амалиёт давомида 16 киши ҳибс қилингани, улар орасида Салоҳ Абдислом йўқлиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Парижда давомли терактлар содир этилди. Шаҳарда 7та портлаш ва отишмалар содир этилган, натижада ҳалок бўлганлар сони 130 нафарга етган. Жароҳатланганлар сони эса 351 киши бўлган.