Буюк Британия ҳукумати тўртта янги сув ости атом кемаларини қуришга 47 млрд доллар ажратмоқчи, бу кемалар Буюк Британиянинг ядровий қалқони мавжудлигини таъминлайди.

Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги шарҳида айтилмоқда.

Аввалроқ Буюк Британия молия вазири Жорж Осборн бош вазир Дэвид Кэмерон олдига мамлакатнинг ядровий қалқонини модернизация қилиш жараёни устидан назоратни унга бериш шартини қўйди.

“Ғазначилик канцлери Кэмеронга бортида Trident баллистик ракеталари бўлган кейинги авлод сув ости кемаларини молиялаштиришни агар бу лойиҳа молия вазирлигига бўйсунувчи янги тузилма ихтиёрига берилсагина қўллаб-қувватлаши ҳақида ультиматумни юборди”, деб айтилмоқда The Times нашрида.

Нашрнинг таъкидлашича, Осборн Мудофаа вазирлигининг сув ости кемалари қурилишини 2028 йилгача якунлашини таъминлашга қодирлигидан хавотирланмоқда. Шу йилга келиб ҳозирда амалда бўлган Vanguard синфидаги сув ости кемаларининг фойдаланиш муддати якунланади.

Буюк Британия ҳукумати августда Шотландиядаги Глазго шаҳридан шимоли-ғарбий томонда жойлашган Фаслейн ҳарбий-денгиз базаси инфратузилмасини модернизация қилишга 5 млрд фунт стерлинг сарфлашини маълум қилганди. Бу ерда Британиянинг ядровий флоти жойлашган.