Россия бош вазири Дмитрий Медведев АҚШ томонидан юритилаётган сиёсатни “масъулиятсиз” деб атади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Медведев буни АҚШ президентининг Россиянинг Суриядаги ихтилофдаги роли ҳақида гапирган сўзларига изоҳ бериши давомида айтди. Бундан аввал Обама “Россиянинг Суриядаги ихтилофга аралашуви ИШИДни кучайтирди” деб айтганди.

“ИШИДнинг кучайиши жумладан АҚШнинг масъулиятсиз сиёсати оқибатида ҳам юз берди. Умумий саъй-ҳаракатларни террорчиликка қарши курашга қаратиш ўрнига, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Суриянинг қонуний президенти Башар Асад билан курашишга киришиб кетди”, деб айтди Медведев.

Медведевнинг айтишича, “Яқин Шарқ давлатларидаги онгли сиёсат” барча давлатлар, жумладан АҚШ учун “вазиятни беқарорлаштиришда эмас”, балки давлатнинг бутлигини таъминлашга қодир қонуний ҳокимиятни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши керак.  

Аввалроқ Медведев террорчилик хавфига қарши курашда иттифоқчиларни ўзиники ва бегонага ажратиб бўлмаслигини айтган эди.