Рубль жуда қиммат ва Россия монетар ҳукумати уни кучсизлантириш учун валюталар сотиб олиш мақсадида бозорга чиқаришга мажбур бўлади, дея ҳисобламоқда Япониядаги Nomura банки экспертлари.

Улар фикрича, бу каби чоралар амалга оширилмаса, Россия захира фонди жуда тез тугаб қолади. Nomura таҳлилчилари 2015 йил охирига қадар рубль яна 13 фоизга кучсизланиши лозимлигини таъкидламоқда, шундагина етишмаётган бюджет тушумлари ўрни қопланади.
Brent маркали нефть нархи рублда 2900 га қадар пастлади. Россиянинг Urals нефти бундан ҳам оғирроқ ҳолга тушди. Бюджет эса нефть баҳоси 3165 рубль атрофида бўлганида етишмовчиликларга дуч келмайди.

Бир неча кун муқаддам эса Россия банклари сўнгги 20 йил ичидаги энг йирик миқёсли инқирозни бошдан кечиргани маъдум бўлган эди. Шу сабабли ўтган ҳафтада Россия ҳукумати иқтисодиётни сақлаб қолиш учун валюта сотишга ваъда берди. Мазкур маълумотлар Россия бор-йўғи бир ой ичида ўз валюта захира фондининг 10 фоизини сарф қилгани ҳақида хабар қилинганидан сўнг тарқалди.