Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Тошкент шаҳрида Халқаро инвестициявий форумда эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтган эди. Форум якунларига кўра, хорижлик сармоядорлар билан 104та шартнома ва меморандум имзоланиб, ҳамкорликда умумий қиймати 12,4 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Хорижлик шерикларнинг мажбурияти 4,72 миллиард долларни ташкил этади.

Қарорга биноан, Ўзбекистон умумий қиймати 16,9 миллиард долларлик ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш бўйича 317та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳаларнинг 8,75 миллард долларлик қисми хорижий сармоя ва кредитлар ҳисобига қопланса, 4,9 миллиарди хусусий маблағлар, 3,1 миллиард доллари Ўзбекистон Реконструкция ва тараққиёт фонди ҳамда 2,89 миллиард доллари ўзбек банкларининг заёмлари эвазига амалга оширилади.