Британ Мусулмонлар жамияти Париждаги терактлардан сўнг мусулмон аёлларга ҳужумлар сони ортганидан шикоят қилди. Бу ҳақда The Independent хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Париждаги қўпорувчиликлардан кейинги бир ҳафта ичида мусулмон аёлларга диний ва ирқий асосларга кўра 115 маротаба ҳужум уюштирилган. Энг кўп 14дан 45 ёшгача бўлган ҳижобли аёллар зўравонликлардан азият чеккан.

Ҳужум қилувчилар эса 15-35 ёшдаги оқ танли эркаклардир. Воқеалар эса асосан жамоат жойларида содир бўлган. Шу муносабат билан ҳукуматда исломофобия масалалари бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳисоботда келтирилишича, мусулмон аёлларга турли оғир сўзлар (энг кўп террорист, бомбачи) билан ёки жисмоний куч ишлатиш йўли билан тазйиқ ўтказилмоқда. Жабрланганлар полиция ва мусулмон жамиятларига мурожаат қилишдан ҳам жуда қўрқиб қолишган.