Чеченистонда ИШИД сафига қўшилган 311 нафар кишига нисбатан 292 та жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Чеченистон президенти Рамзон Қодиров республика прокурори Шарофуддин Абдулқодиров билан учрашуви натижаларига кўра маълум қилди.  

“Учрашувда Сурияда “иблис давлати” қаторида республика фуқаролари иштирокининг олдини олиш масалалари ҳам кўрилди. Прокурор фуқароларнинг ИШИДдаги иштироки ҳақидаги барча маълум далиллар қайд қилиниб, улар бўйича терговгача текширув ўтказилаётганини таъкидлаб ўтди. 2015 йилнинг ноябрь ҳолатига кўра, 311 кишига нисбатан 292 та жиноий иш қўзғатилди”, деб маълум қилди Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Қодировнинг айтишича, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан кўрилаётган чоралар эвазига Сурияга ёшларнинг кетиши минималлаштирилди.