Мутахассислар шу ҳафтанинг биринчи ярмида Чор Россияси императорларидан бири Александр III (императорлик даври 1881—1894-йй.) жасади қолдиқларини ўрганишни бошлашни режалаштирмоқда. «Интерфакс» хабарига кўра бу ишлар империянинг сўнгги ҳукмдори Николай II (1918 йилда инқилобчилар томонидан ўлдирилган) ва императорлик хонадони аъзолари ўлдирилиши билан боғлиқ жиноий ишга оид янги ирсий экспертиза доирасида ўтказилади.

"Санкт-Петербургдаги Петропавловск черковида жойлашган Александр III қабри сешанба куни очилиши кутилмоқда", дея маълум қилган манба.

Манбанинг айтишича, эксгумациядан кейин (жасад қолдиқлари чиқариб олинганидан сўнг) унинг намуналари Москвага экспертизага жўнатилади.

Бундан олдинроқ, Санкт-Петербургда Романовлар оиласи аъзолари қолдиқлари эксгумацияси якунлангани хабар қилинган.