Кемалар гуруҳини бошқариб келаётган Франциянинг Шарль де Голль авиаташувчиси 22 ноябрь тунида шарқий Ўрта Ер денгизи ҳудудига кириб келди ва душанба, 23 ноябрдан Сурияда ИШИДга қарши операцияларга қўшилади.
22 ноябрь куни Франция мудофаа маҳкамаси раҳбари Жан-Ив Ле Дриан авиаташувчи душанба, 23 ноябрдан хизматга киришишга тайёр бўлишини маълум қилди. Кема командири Эрик Мальбруно ҳам Шарль де Голль 23 ноябрдан зарбалар беришни бошлаши мумкинлигини эълон қилган эди.

Шарль де Голль жойлашган аниқ нуқталар хавфсизлик нуқтаи назаридан маълум қилингани йўқ, у Форс кўрфази сувларидан жой олади. Авиаташувчи бу ерда тўрт ой давомида қолади, бироқ миссия давомийлиги яна узайтирилиши мумкин.
Кемада 18 дона Rafale қирувчиси, 8та овоз тезлигида ҳаракатланадиган Dassault Super-Etendard палуба ҳужумчи самолёти, шунингдек, Hawkeye узоқ радиолокация ускунаси билан таъминланган иккита палуба самолёти ўрин олган. Авиаташувчининг жамоаси эса 1,9 минг денгизчи, учувчи ва механиклардан иборат.

Аввалроқ авиаташувчи кемалар гуруҳига La Motte-Picquet кемага қарши фрегати, кўп вазифали Aquitaine кемаси, Aviation таъминот танкери ҳам кириши хабар қилинган эди. Шунингдек, унга сентябр ойидан буён Бельгия флотининг Leopold ҳамда французларнинг Chevalier Paul фрегатлари ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Француз авиаташувчиси Британиянинг HMS Defender эсминецига ҳам бошчилик қилади. Бундан ташқари, гуруҳда номи ошкор қилинмаган сув ости кемаси ҳам мавжуд.