Тожикистонлик уч нафар ноқонуний муҳожир Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш муассасидан қочиб кетди. Улар деворнинг кичик бир қисмига ғишт терилмаганини аниқлаб, ўша ердан тешик очишган ва қочишга муваффақ бўлишган.

Иккинчи қаватдан пастга тушиб олиш учун эса тожикистонликлар бир-бирига боғланган чойшаблардан фойдаланишган.
Аниқланишича, қочиш содир бўлган чоғда муассаса қоровули ухлаб қолган, шу боис муҳожирлар бемалол ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишган.

“Қўриқчилар ҳар соатда барча жойларни айланиб чиқиши шарт. Шунга қарамай, бизнинг қўриқчимиз ухлаётган эди. Инсон омили ҳам роль ўйнайди, шунақасиям бўлади”, - тан олди миграцион хизмат ходимларидан бири.
Дарвоқе, ушбу камерада, қочоқлардан ташқари, яна уч муҳожир бор эди. Аммо улар камерада қолишни маъқул топишган.