Конвейердан чиққан автомобиль ҳар жиҳатдан зўр бўлиши мумкин — дизайни дейсизми, ташқи кўриниши дейсизми, безаги дейсизми. Аммо бир жиҳати чатоқ — бошқаларда ҳам худди шундай автомобиль бўлиши мумкин. Автомобили бошқаларникидан ажралиб туришини истаганлар эса тюнинг-ательеларга мурожаат қилишади. Бундай ательеларда пардозга учраган автомобиллар эса “эгаси ҳам танимайдиган” ҳолатга келади. Ана шундай пардозланган автомобиллар ўнлиги билан танишинг.

“Hennessey Performance Venom GT” 

“Hennessey” маркаси ижодкори Жон Хеннесининг бутун фикр-зикри суперавтомобиль яратишда. У қуввати юқори бўлган автомобилларни қайта ишлаб, янада қудратлироқ қилиш устида иш олиб боради. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида у бор эътиборини “Dodge Viper” моделларига қаратган ва уларни ҳақиқий “тезкор махлуқлар”га айлантирган. Лекин кейинги пайтда у “камтаргина” “Lotus” устида иш олиб бормоқда.  “Hennessey Performance Venom GT” заводда ишлаб чиқарилган моделидан тубдан фарқ қилади. Оғирлиги бир тонналан камроқ автомобилга етти литрли 1120 от кучига эга V8 двигатели ўрнатилган бўлиб, у автомобиль тезлигини уч сониядан камроқ вақт ичида соатига юз километрга етказиш имкониятини беради. Автомобилнинг нархи 1 250 000 долларга тенг.

“Icon Thriftmaster Pickup” 

“Icon” автомобиль ательеси ретро-автомобилларни қайта тиклашга ва бир неча йил илгариги моделлар асосида ўз лойиҳаларини яратишга ихтисослашган. Ательенинг энг йирик муваффақияти эса “Icon Thriftmaster Pickup” лойиҳаси бўлди. Мазкур лойиҳа асосида бир неча ўнта автомобиль ишлаб чиқарилди. “Icon Thriftmaster Pickup” асосида  “Chevrolet” пикапи ётади. Мазкур пикап ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошларида ишлаб чиқарилган бўлиб, ўша даврнинг энг оммабоп автомобилларидан бўлган. Машинанинг кўриниши ўша давр модели билан бир хил бўлиб, асосий фарқ унга янги, замонавий қимматбаҳо деталлар ўрнатилганлигидадир.

“Singer Vehicle Design Porsche 911” 

Ярим асрдан буён “Porsche 911” спорт услубидаги автомобиллар рамзи бўлиб келмоқда. Автомобилнинг ҳар бир янги авлоди ҳеч шубҳасиз илгаригисидан аълороқ ишлаб чиқарилади. Лекин дунёда “Porsche 911”нинг эски моделларини суядиган инсонлар ҳам топилади. Айнан ана шундай инсонлар учун “Singer Vehicle Design” ательеси “Porsche 911”нинг ўтган аср тўқсонинчи йилларидаги моделларини қайта тиклаш билан шуғулланади. Автомобиль кузови углерод толасидан тайёрланган бўлиб, “Bi-Xenon” ёруғлик техникаси ва 17 дюймли қуйма дисклар ўрнатилган.

“Lingenfelter Performance Engineering Reaper” 

“General Motors”нинг шуъба ательеси “Chevrolet” автомобилларининг кучайтирилган талқинларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Lingenfelter Performance” 1000 от кучига эга “C7 Stingray” модели билан машҳур. Ательенинг “Reaper” деб номланувчи янги лойиҳаси ҳар бир америкаликнинг орзусини ифодалайди. Пикап капоти остида 550 от кучига эга “V8” турбодвигатели жойлашган. Автомобилга тишли резинаси бўлган 33 дюймли дисклар ўрнатилган.

“Shelby 427 Cobra 50th Anniversary Edition”

Роппа-роса ярим аср олдин Кэролл Шелби антиқа ишга қўл урди. У “Ac Cobra” туркум автомобилини “427 Cobra” деб номланувчи тезкор автомобилга айлантирди. У ўта тезкор спорт автомобили деб тан олинди.   

“VL Automotive Destino Destino” 

Рўйхатимиздаги ҳозирча сотиб олишнинг иложи бўлмаган ягона автомобиль. 

“Fisker” гибрид автомобили асосида қайта ишланган бу автомобиль оддий седандан 600 от кучили двигатель ўрнатилган ва ўта қимматбаҳо салонга эга суперавтомобилга айланди.

“Superformance Caterham Seven Superformance” 

Жанубий Африкадаги ателье афсонавий “Caterham Seven” спорт автомобилини турли талқинларда ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ательеда автомобилнинг бешта тури ишлаб чиқарилади. Улар орасида энг кучлиси 260 от кучига эга двигателли модель бўлиб, у тезлигини уч сонияда соатига юз километрга етказа олади.

“Legacy Classic Trucks Power Wagon Willys MB” 

Американинг мумтоз йўлтанламаси бой тарихга эга. Бу машина турли ҳарбий низоларда иштирок этган, дунёнинг кўплаб мамлакатларида минилган ва бугунги кунда коллекционерларнинг орзусига айланган. “Legacy Classic” машҳур автомобилнинг кузовидан ташқари барча деталларини янгилаш билан шуғулланади. Машинага замонавий “Dodge”ларнинг 6,7 литрли двигатели, кучли шасси ва ҳар қандай тўсиқлардан ўта оладиган 42 дюймли шиналар ўрнатилган.

“American Expedition Vehicles Brute Double Cab” 

“Jeep” раҳбарияти вақти-вақти билан пикап ишлаб чиқариш режаси борлиги ҳақида билдирган бўлса-да, аммо ҳеч қачон бу режа амалга ошмаган. Бу ишга “American Expedition Vehicles” ательеси қўл урди. Ательедагилар “Wrangler”нинг шассисини бир метрга узайтиришди, кузов қўшишди ва ажойиб пикап яратишди.

“Brabus B63S-700 6X6” 

Олти ғилдиракли “Мерседес” Австрия армияси тасарруфида бўлган уч ўқли “G-Class” пикапи асосида яратилган. Моделнинг узунлиги 5875 миллиметр, эни – 2110 миллиметр, баландлиги 2280 миллиметрга тенг. Йўлтанламаснинг оғирлиги 3850 килограммни ташкил этади. У 544 от кучига эга иккита турбинаси бор 5,5 литрли бензин двигатели билан жиҳозланган. Автомобилнинг трансмиссияси етти поғонали автомат трансмиссия.