23 ноябрдан Франция президенти Франсуа Олланд ИШИД жангариларига қарши курашувчи коалиция тузишга қаратилган бир қатор дипломатик учрашувларни бошлайди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.

Таъкидланишича, Олланднинг “дипломатик юриши” 24 ноябрдан Парижда Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашувдан бошланади, сўнгра Вашингтонда ва Москвада АҚШ ва Россия президентлари билан давом этади ва Хитой президенти Си Цзиньпин билан келаётган якшанба куни якунланади.

Нашрнинг таъкидлашича, Парижга ҳужумлар уюштирилиши Олландни халқаро ҳарбий координаторга айлантирди. Бироқ Франция расмий шахслари террорчилар устидан ғалаба қозониш учун Олландга глобал уюшма керак, деб ҳисоблашмоқда.

Мақола муаллифининг фикрича, яқин ҳафталарда Олланд ўзининг халқаро ҳамкасбларига Париж иқлим бўйича халқаро анжуманни ўтказиш учун хавфсиз жой эканлигини исботлашига тўғри келади. 30 ноябрда ўтадиган ушбу тадбирга 140 та давлат раҳбари келиши кутилмоқда, шу сабабли Франция Париж ва бошқа шаҳарларда фаолларга режалаштирилган маршларни ўтказишни тақиқлаб қўйди.

Бироқ “буюк ва ягона” коалицияни тузиш учун Олланд “халқаро тўсиқларни” айланиб ўтиш усулларини топиши ва турли давлатларнинг ички муаммоларини ҳисобга олиши лозим.

Буюк Британия бош вазири ҳозирча ИШИДга қарши курашга қўшилишдан бош тортмоқда, чунки унга ҳарбий ҳаракатларни бошлаши учун парламент розилиги керак бўлади. Ушбу масала бўйича Буюк Британия парламентида овоз бериш жараёни Олланднинг ҳафсаласини пир қилиши мумкин, чунки 2013 йилда парламент Сурияда ҳарбий операциянинг бошланишини қўллаб-қувватламаган ва баъзи парламент аъзоларининг фикрича, бу ҳолат қайтарилиши мумкин.

АҚШ ва Россияни коалицияга қўшилишга кўндириш ҳам муваффақиятсизлик билан тугаши мумкин, чунки Барак Обама ҳали ҳам Владимир Путин билан ҳамкорлик қилишга хавотир билан қарамоқда.