Тяньцзинь иқтисодий ва техник тараққиёт зонаси бошқарув қўмитаси ҳамда Sinica компанияси стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди. Мазкур битим доирасида томонлар юқори стандартлар бўйича жониворларни клонлаштирадиган дунёдаги илк лаборатория қурилиши борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бу ҳақда “Жэньминь жибао” хабар бермоқда.

Фермалардан ташқари, компания диверсификацияланган (ишлаб чиқариш соҳасини янги маҳсулотлар қўшиш ҳисобига кенгайтириш) генетик ресурслар сақланадиган жой ва илмий-таълимий кўргазма марказини қуришни ҳам режалаштирган.

Қайд этилишича, клонлар ишлаб чиқариш бўйича фабрика фаолияти Жанубий Кореянинг Sooam Biotech институти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Sinica компанияси эса Boyalife Group холдинги шўъбаси ҳисобланади. Boyalife Group ва Sooam Biotech қўшма корхонаси бутун дунёдаги мижозларига 550 бош кучук-клонни тақдим этиб улгурди.