"Душанбадан янги ҳаётни бошлайман, тренажер залига шуғулланишга бораман, йога билан шуғулланаман, қорин мушакларини чиқараман..." – ҳар биримиз вақти-вақти билан ўз олдимизга қандайдир мақсадларни қўямиз ва уларга эриша олмай, уларни бажаришни ойлар, ҳаттоки йиллар ортга сурамиз. Бу кўп нарсага дарҳол эришишни хоҳлашимиздан ва режаларимиз гарданимизга оғир юк бўлиб тушиб, охир-оқибат улардан энг арзимаганини ҳам қилолмаслигимиз натижасида содир бўлмасмикан?

Гоҳида биз ўйлаб қўйган режамизни шиддат билан бажаришни бошлаймизу, бироқ, мисол учун, ҳафтасига 3 мартадан бир неча соатдан тренажёр залида қанчадир вақт мобайнида шуғулланиб юриб, сўнгра бу машғулот билан шуғулланишни ташлаб қўямиз. Нима учун шундай бўлади? Чунки нагрузка оғир, чунки жонга тегади, кўникиш эса ҳали пайдо бўлмаган.

“Кайдзэн” методикаси ёки бир дақиқа принципи

"Кайдзен" деб номланувчи япон методикаси мавжуд бўлиб, унинг асосида "бир дақиқа" принципи ётади. Бу методиканинг принципи шундан иборатки, одам кунма-кун, аниқ бир вақтда маълум бир иш билан бир дақиқа давомида шуғулланади. Бир дақиқа – бу жуда ҳам оз фурсат бўлиб, ҳар қандай киши учун қийинлик туғдирмайди. Дангасалик йўлингизда тўғаноқ бўла олмайди. Турли сабаб ва баҳоналар қидириб ярим соат мобайнида бажаришни истамаган хатти-ҳаракатларингизни бир дақиқа ичида осонликча бажарасиз.

Сакрамчоқ сакранг, кўзлар гимнастикасини бажаринг, йога билан шуғулланинг, чет тилидаги бирор китобни ўқинг – вақт бир дақиқа билан чегараланганда бу машғулотлар сизга қийин бўлиб туюлмайди, аксинча, қувонч бағишлайди. Кичик қадамлар қила туриб, сиз такомиллашиб борасиз ва катта муваффақиятлар қозонасиз.

Бунда сиз ўзингизнинг кучингизга бўлган ишончсизликни енгасиз, айбдорлик ва ночорлик ҳиссидан қутуласиз, муваффақият ва ғалаба ҳиссини туясиз. Муваффақиятингиздан илҳомланиб, сиз аста-секин машғулотларга кетказадиган бир дақиқа вақтингизни беш дақиқа ва ҳ.к. гача ошириб борасиз. Шу тариқа ўзингиз билмаган ҳолда ярим соатлик машғулотларга ҳам яқинлашиб қоласиз. Тараққиёт ўз-ўзидан кўриниб турибди!

Кайдзен Японияда пайдо бўлган

Бу сўз "кай" (ўзгариш) ва "дзен" (донолик) деган иккита сўздан тузилган. Бошқаришнинг бу усулининг муаллифи Масааки Имаи ҳисобланади. У кайдзенни бизнесни юритишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам бирдай муваффақият билан қўлласа бўладиган ҳақиқий фалсафа деб билади.

Ғарб маданияти одамларига бу япон методикаси бесамар бўлиб туюлиши мумкин, чунки Ғарбда катта куч ишлатмай яхши натижаларга эришиб бўлмайди, деган тушунча одамлар онгига сингиб қолган. Бироқ кўп куч талаб этадиган катта миқёсдаги дастурлар инсонни синдириб қўйиши ва оқибатда ҳеч қандай натижа бермаслиги мумкин. Мисол учун, японлар, менежмент соҳасида секин-асталик билан такомиллашиб бориш йўлидан борадилар.

Сизга фақатгина вазифани аниқлаштириб олиш ва "кайдзен" методикасини амалиётда қўллашни бошлашгина қолди, холос.