Греция пойтахти Афина шаҳри марказидаги тадбиркорлар федерацияси биноси яқинида бомба портлади, дея хабар бермоқда Рейтер агентлиги полиция маълумотларига асосланган ҳолда.

Портлаш маҳаллий вақт билан 3:30 (Тошкент вақти билан 6:30)да грек парламенти қаршисида жойлашган Синтагма майдони яқинида содир этилди. Портловчи ускуна соат механизми ёрдамида ҳаракатга келган.

Агентликнинг полициядаги ахборот манбаси сўзларига кўра, қўпорувчилик ҳаракатидан тахминан 30 дақиқа олдин портлашга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлган. Бомба портлаши натижасида яқин атрофдаги биноларнинг ойналари тўкилиб тушган, ҳодисадан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тахминига кўра, портлаш юнон жангари гуруҳлари томонидан содир этилган. Бу каби воқеа 2015 йилнинг январида ҳукуматга Алексис Ципрас бош вазир бўлиб келганидан буён илк бор кузатилди.