Кремлдаги ахборот манбаси Россия президенти Владимир Путин Сурияда Россиянинг Су-24 самолётининг уриб туширилиши билан боғлиқ мурожаатга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди, дея хабар берди “Говорит Москва”.
Мурожаат тафсилотлари ҳозирча ошкор қилингани йўқ.

Бундан олдинроқ, Туркия билан чегара яқинида ҳаракатланган Россия самолёти уриб туширилгани, учувчилар парашют орқали самолётни тарк этгани хабар қилинганди.

Туркия томони самолётни чегарани бузгани учун унга ўқ узишдан олдин 5 дақиқа давомида 10 марта огоҳлантирганини билдирган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса бу самолёт бутун парвоз давомида фақат Сурия ҳудудида бўлганини қайд этиб ўтган.

"Бу ҳолат холис назорат воситалари билан қайд этилган", дейилган вазирлик баёнотида.

Учувчилардан бири Латақияда яшовчи туркманлар қўлига асир тушгани айтилган. Иккинчисининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.