АҚШдаги Фрипорт номли кичик шаҳарчадаги округ кенгаши раҳбари Уильям Хэдли 2011 йил сайланиш чоғида маҳаллий газета сайтида номаълум фойдаланувчи томонидан ҳақорат қилинган эди. Деярли 4 йил мобайнида бу фойдаланувчини топиш учун у 35 минг доллар сарфлади.

Ахийри у ўзини хафа қилган одамни топишга муваффақ бўлди, лекин ўзи хоҳлагандай қасос ололмади. Воқеа тафсилотлари The Verge нашрида келтирилди.
Хэдли 2002-2008 йилларда кенгашга бошчилик қилган, аммо ўрнини йўқотиб, 2009-2011 йилларда шахсий амалиёт билан шуғулланган эди. Кенгашда жой бўшаганини эшитиб, у яна ўз номзодини кўрсатди.

Ўзининг “сиёсий дастури” сифатида Хэдли округда янги саноат парки қурилиши учун олинган қарзни танқид остига олишни танлади. Хэдлининг фикрича, бор-йўғи 47 минг киши яшайдиган Стивенсон округи учун (Иллинойс штати) илгари олинган 3 қарздорлик ҳам етади, 2032 йилга қадар яна 5.5 млн долларлик қарз олиш эса ортиқчалик қилади.

2011 йил декабрида маҳаллий Journal Standard газетасининг сайтида Fuboy никидаги фойдаланувчи сиёсатчига бағишланган материал остида қуйидаги мазмундаги шарҳни қолдирди: “Хэдли – бу Сандаскидир, у фош бўлишни кутмоқда. Қаранг, унинг уйидаги пиллапоядан Empire мактабига қанақа кўриниш бор”.
Жерри Сандаски Пенсильвания университетида футбол бўйича мураббий бўлиб ишлаган. У 2011 йили педофилияда айбланиб ҳибсга олинди ва кейинчалик суд томонидан 30-60 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Шундан сўнг Хэдли ушбу ник эгасини топишга бел бойлади. Маҳаллий аҳоли вакиллари Fuboy’нинг сўзларини жиддий қабул қилмаса-да, қидирув жараёнларини қизиқиш билан кузатди.
2012 йил мартида Хэдли суддан шарҳ қолдирувчисининг IP манзилини газетадан олиш ҳуқуқини берувчи қарор чиқартирилишига эришди. Манзил АҚШнинг энг йирик провайдери бўлмиш Comcast компаниясига тегишлилиги аниқланди. Компаниядан IP манзили ҳақида маълумот олиш учун яна бир даъво талаб қилинди. У пайтга келиб Хэдли сайланиб бўлган эди.

2015 йил августида суд харажатларига 35 минг доллар сарфлаб бўлган амалдор шарҳ кимга тегишлилигини ниҳоят билди: маълум бўлишича, бу оддий безори эмас ёки Хэдлининг рақобатчиси эмас, балки у билан 2000-йиллар ўртасида бирга ишлаган округ прокурори Фрэнк Кук экан.
Фош бўлганидан бир кун ўтиб прокурор истеъфо берди.
Шу муносабат билан тўплаган матбуот анжуманида Хэдли ўз оиласининг номини ҳимоя қилганини таъкидлади.
У Кук устидан 50 минг долларлик маънавий зарар ундириш учун судга даъво қиладими, йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Элдор Асанов тайёрлади