БАА ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган 35 ёшли аёлни ўзининг беҳаё суратларини ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқатгани учун ҳибс қилишди.

"Новости Дубай" нашрининг хабарига кўра, у ўзининг 90 мингдан ортиқ ўқувчилари кузатиши мумкин бўлган саҳифасига тунги кўйлакда тушган суратларини жойлаштирган ва эндиликда "беадаб ҳаракати" учун айбланади.

"Қўлга олинувчи ҳар куни ўзининг турли суратларини саҳифасига жойлаштириши, бундан мақсад фақат ўз обуначилари сонини ошириш эканини айтган ҳамда БАА қонунчилигида бундай тақиқ мавжудлигини билмаслигини билдирган", деб ёзади нашр.

Айни вақтда бу иш билан прокуратура шуғулланмоқда.

Маълумот учун, БААда қуйидаги ҳолатлар ахлоқий жиноятлар сифатида баҳоланади:

- Жамоат жойларида "муҳаббат билан шуғулланиш";
- Сўз билан инсонларни ҳақорат қилиш (тилни чиқариш ҳам шу турдага ҳақорат сирасига киради);
- Одамларни уларнинг рухсатисиз суратга ёки видеога олиш;
- Динларга беҳурмат муносабатда бўлиш;
- Номаҳрам инсонга тегишли мулкдан фойдаланиш (уй, транспорт воситалари ва ҳоказо);
- Жуда очиқ кийиниш.

Бундай "жиноятлар" учун жарима, депортация ва ҳатто қамоқ жазолари тайинланиши ҳам мумкин.