"Футбол шарҳи" кўрсатувининг навбатдаги сонида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ аъзоси ва "Бухоро" клуби ярим ҳимоячиси Азиз Ибрагимов меҳмон бўлди.

Бошловчи Зафар Имомхўжаeв томонидан Ибрагимовга "Нима учун "Динамо"ни тарк этдингиз?" мазмунидаги берилган caволга футболчи шундай жавоб берди:

"Самарқанд катта шаҳар ва футбол ўйнаш учун энг ажойиб жойлардан бири деб ўйлайман. Стадион ҳам , мухлислар ҳам, барчаси ажойиб. Бу борада ҳеч қандай муаммони кўрмадим. "Динамо" натижа кўрсатиши учун биринчи навбатдаги раҳбариятни алмаштириши керак. Клуб турар жойи жуда ёмон ҳолатда. Яшаш жойимизда футболчилар хонасида шароитлар етарли эмасди. Ҳамма ўзининг кийимларини ўзи юварди. Баъзан 5-6 соатлаб навбат кутар эдик. Раҳбарият қилиши керак бўлган ишларнинг ҳаммасини футболчиларнинг ўзи бажарар эди. Ёз фаслида футболчилар хоналарнинг иссиқлигидан қийналади. Базамизда биргина душ бор эди", - дейди "Динамо"нинг собиқ футболчиси.

У янги мавсумда янги жамоада фаолиятини давом эттириши мумкинлигини билдирган.

"Ҳозир бир нарса дея олмайман. Мавсум якунига етди ва мен таътилда оилам билан дам олмоқчиман. Кейин нима бўлиши ҳақида янги йилда янгилик бўлиб қолади, - дейди Ибрагимов шу хусусдаги саволга жавобан.

Эслатиб ўтамиз, Ибрагимов "Динамо"дан кетгач, самарқандликлар расмий сайтида футболчига хориждан таклиф тушгани боис шартномага мувофиқ кетгани айтилган эди. Аммо ярим ҳимоячи мавсумнинг қолган қисмини хорижда эмас, "Бухоро"да ўтказган.

У "Бухоро"нинг олий лигада қолишига ўз ҳиссасини қўшди, "Динамо" эса қуйи лигага тушиб кетди.