Филиппиннинг собиқ биринчи хоними Имельда Маркос тақинчоқлари орасидан 25 каратли ноёб пушти олмос топилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Christie's аукцион уйи маълумотига асосланган ҳолда хабар берди.

Филиппин ҳукумати Christie's ва Sotheby's аукцион уйларига қарийб 30 йил муқаддам Фердинанд Маркос тузуми ағдарилганидан сўнг мусодара қилинган коллекцияни баҳолаб беришни сўраган эди. Баҳолашлардан сўнг мамлакат ҳукумати уларни савдоларга чиқаради.

Christie's вакили Дэвид Уоррен олмосни “тўлқинлантирувчи топилма” деб атади. “Пушти олмос ўта ноёб ҳисобланади”, - деди у. Уоррен сўзларига кўра, тошнинг баҳоси 5 миллион долларга қадар чиқиши мумкин. Sotheby's эса коллекцияга 26 ноябрда баҳо беради.

Филиппин ҳукумати Маркоснинг тақинчоқларини 2005 йилдаёқ сотишга ҳаракат қилган эди. Бироқ собиқ раҳбарнинг беваси янги ҳукуматнинг ҳаракатларига нисбатан эътирозини билдирган эди.