Рафаэль Бенитес "Реал" бош мураббийи сифатида ишлашни давом эттиради. У Испания чемпиоанатида кетма-кет иккита ўйинда мағлубият қайд этганига қарамасдан жамоа президенти Флорентино Перес уни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган. Бу Перес 23 ноябрь куни кечаси махсус матбуот анжуманида маълум қилди.

"Биз бош мураббий Рафаэль Бенитесни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Биз унга ишонамиз. Мен мухлисларнинг норозилигини тушунаман. Лекин биз ҳозир совуққонлик ва жиддийлик билан жипслашган ҳолда ишлашимиз керак.

Ишқибозлардан жамоа ва футболчиларни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Ҳа, "Реал" "Барселона"га қарши ўйинда жуда ёмон ўйнади. Лекин бу футболчилар ўз ишига ёмон муносабатда бўлди дегани эмас. Шу билан биргаликда, мухлисларнинг мурожаатларига ҳурмат билан ёндошаман. "Реал"нинг мухлислари энг талабчан ишқибозлардир.

Ўйинга таркибни белгилаш борасида мураббий тўла мустақил. "Реал"да кўплаб мураббийлар ишлаган ва уларнинг барчаси мустақил равишда таркиб танлаган", – дейди Перес матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, "Реал" лиганинг кейинги икки турида "Севилья" (2:3) ва "Барселона" (0:4) жамоаларига мағлуб бўлди ҳамда учинчи ўринга тушиб кетди.

Қолаверса, футболчиларнинг аксар қисми Бенитеснинг ҳимоявий тактикасидан норози бўлишмоқда.