Hyundai компанияси Genesis суббренди остида ишлаб чиқариладиган ўзининг янги G90 флагман седани интерьерининг илк расмий тасвирларини чоп этди. Моделнинг жиҳозланиши ҳақида ҳозирча маълумот кам, фақатгина интерьер концепцияси “Башанг ҳашамат” деган ном олди.

Ушбу жосуслик суратларида кўринишича, янги седан икки модификациядаги интерьер билан таклиф қилинади. Улардан бири уч ўриндиқли орқа диван билан жиҳозланади, унда йиғиб қўйиладиган тирсакқўйгич бўлади. Унда мультимедиа мажмуаси ва иқлимни назорат қилгич блоки ўрнатилади. Иккинчиси оёққўйгичларга эга иккита алоҳида ўриндиқлар, музлатгич ва катта мониторли консоль билан жиҳозланади.

Орқа ўриндиқлар тирсакқўйгичдаги тугмалар ёрдамида бошқарилади. Ҳаммаси бўлиб учта режим – дам олиш, ўқиш ва видео кўриш режими кўзда тутилган.

Алоҳида ўриндиқлар билан G90’нинг узайтирилган варианти жиҳозланади, унинг габарит ўлчамлари ва ғилдираклар базаси ўлчами мос равишда 5495 ва 3450 миллиметрга тенг бўлади. Моделнинг моторлари гаммасига 370 от кучига эга 6 цилиндрли, 3.3 литрли твин-турбо мотор, 334 от кучига эга 3,8 литрли 6 цилиндрли атмосферали мотор ва 425 от кучига эга 8 цилиндрли, 5 литрли мотор киради. Узатмалар қутиси 8 поғонали “автомат” кўринишида бўлади.

Hyundai’нинг янги флагман модели Жанубий Кореяда жорий йилнинг декабрида пайдо бўлади. Модель қолган бозорларга 2016 йилдан чиқарилади.