24 ноябрь куни Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе Париждаги қўпорувчиликлар муносабати билан мамлакатда терроризмга қарши қонун қабул қилишга чақирди.

Жанубий Кореянинг “Рёнҳап” агентлиги маълумотларига кўра, Корея Республикаси ҳукумати бир неча йил ичида халқаро терроризмга алоқадорлигидан хавотирга тушиб, 48 нафар чет эл фуқаросини мамлакатдан депортация қилган эди. Шунингдек, яқиндагина сохта паспорт билан қўлга тушган Индонезия фуқароси ҳам “ал-Қоида” халқаро террористик гуруҳига мансубликда гумон қилинган.

“Умид қиламанки, сиз фуқаролар ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида бу сафар терроризмга қарши қонун лойиҳаларини тасдиқлаш учун қўлингиздан келган барча ишларни қиласиз”, - деди президент мамлакат Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида.

Пак Кин Хенинг чиқиши Жанубий Корея парламентида ҳукмрон ва мухолифат ўртасидаги аксилтеррор қонунларни қабул қилиш имкониятлари муҳокамасини давом эттирди. Бироқ мамлакатдаги асосий мухолифатдаги ташкилот – “Демократия учун янги сиёсий альянс” бу каби қонунлар ўзгача фикрлиларга таъсир кўрсатишда махсус хизматлар “қўлини боғлаб” қўйишидан хавотир билдирмоқда.
Пак Кин Хе мамлакатда “ноқонуний намойиш”ларга йўл қўймаслигини ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний намойишлар вақтида терроризм мамлакат аҳолисининг ҳаётига таҳдид туғдириши мумкин.

Аввалроқ эса ноябрь ойида Сеул марказида бўлиб ўтган амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши норозилик акцияси вақтида полиция махсус гуруҳининг тўққизта автобуси намойишчилар томонидан йўқ қилингани, тартибни сақлаш ходимлари тартибсизликларни бартараф этиш учун сув замбаракларидан фойдалангани маълум қилинган эди.