“Оила даврасида” газетасининг навбатдаги сонида Ўзбекистон ёшларининг саломлашиш маданиятига бағишланган материал чоп этилди.

Журналист охирги йилларда ёш йигит ва қизлар ўртасида урф бўлаётган бир қанча хатти-ҳаракатларни танқид остига олди. Биринчи навбатда айрим йигит-қизларнинг ўпишиб кўришишига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, болалар саломлашиш ўрнига “шохлашаётгани”, яъни бош уриштириб қўяётгани унинг норозилигига сабаб бўлди.
Мақола муаллифи айрим ёшлар “Ассалому алайкум” ўрнига “сава”, “салют”, “айва” сўзларини қўллаётганини таъкидлаб ўтди.

“Айрим ёшларимизда ҳатто шу чала “Ассалом”ни айтишга ё хоҳиш, ё ҳафсала йўқ. Баъзилари эса “замонавий” кўринишда салом беришади: “салют”, “сава”, “айва...”, - деб ёзади у.

“Курсдош йигитларимиздан бири эрталаб дарсга келганда дугонам билан ўпишиб сўрашади... Бир гал дугонамга очиғини айтдим: “Уялмайсанми, ўғил бола билан ҳам ўпишиб кўришадими?”. У эса менга “маданият”дан орқада қолган авомдек қараб, кулди: “Сен буни қаердан ҳам тушунардинг...”. Ўзимча ўйладим: “агар шу “маданият” бўлса, майли, бир умр маданиятсиз бўлиб ўта қолай”, - деб хулоса қилинади материалда.