Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган қўл жанги бўйича чемпионат давомида Сергей Цирульников исмли қозоғистонлик полвон грелкани шишириш бўйича жаҳон рекорди ўрнатди ва бу рекордини Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга бағишлади, деб хабар бермоқда “Новости-Казахстан” ахборот агентлиги. 

Аввалги рекорд украиналик атлет томонидан 12 йил аввал ўрнатилган – у 1 дақиқа 47 сонияда қўллари ёрдамида 7 та грелкани шиширган. Цирульников эса бу рекордни қийинлаштириб, 1 дақиқа 37 сонияда 5 та грелкани улар ёрилгунча қўлларидан фойдаланмаган ҳолда шиширди.

Полвоннинг айтишича, у бу рекордга тайёргарлик кўриш давомида 500 тага яқин грелкани шишириб ёрган ҳамда грелкани бурни билан шиширишни ўрганиб олган.

“Шуни айтмоқчиманки, жисмоний куч – бу ҳар доим ҳам мушак ва катта ўлчамлар эмас, асл куч – сизнинг миянгизда ва фақат сиз ўзингизгина ўз имкониятларингизни белгилай оласиз”, деб айтди полвон.

Энди атлет ўз олдига янги мақсад қўймоқда – бир қўли билан 153 килограммлик тошни кўтармоқчи.