2015 йилнинг 17-20 ноябрь кунлари Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида велотрек бўйича ўсмир-қизлар ўртасида Осиё кубогининг иккинчи босқичи ўтказилди. Қитъанинг кўплаб умидли, ёш велотрекчилари иштирокида ўтказилган мазкур мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 9та олтин ва 3та кумуш медалга сазовор бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Турнирда 10 давлатдан 100 нафардан ортиқ спортчи иштирок этган.

Жамоавий пойгаларда Семен Севастьянов, Рустем Султанов, Дилмуроджон Сиддиқов, Жаҳонгир Аъзамов ва Дмитрий Панкратов каби спортчилардан иборат жамоа марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келиб, олтин медалга сазовор бўлишган. Жамоавий споринг мусобақасида Дилмуроджон Сиддиқов, Дмитрий Панкратов ва Жаҳонгир Аъзамовдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси энг юқори натижани қайд этди. Очколар бўйича ўтказилган гуруҳ пойгаларида Дилмурод Сиддиқовга тенг келадиган топилмади.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига кумуш медалларни Андрей Измайлов, Нафосат Козиева ҳамда Анастасия Тен келтиришди.

Азизбек Абдурахимов бош мураббий бўлган Ўзбекистон терма жамоаси 22 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 14:10да Тошкентга қайтиб келди.

9-11 октябрь кунларида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган велотрек бўйича Осиё Кубогининг биринчи босқичида Ўзбекистон вакиллари 7та медал олишганди.