"Арсенал" жамоаси ҳимоячиси Пьер Мертезакер ЕЧЛнинг 5-турида Загребнинг "Динамо" клубига қарши ўтказиладиган баҳсдан олдин журналистлар билан гаплашди.

"Биз ушбу турнирда узоқроққа боришни истаймиз. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу мақсадга эришиш осон бўлмайди.

Ахир ЕЧЛнинг ҳар бир учрашувида ғалаба қозониш осон иш эмас. Ҳозирда имкониятларимиз бироз паст бўлишига қарамай, охиригача курашишда давом этамиз.

Гуруҳдан чиқиш учун имкониятлар сақланиб қолган. Биз уй учрашувида шуни инобатга олган ҳолда, ўйинга жиддий муносабат билан ёндошамиз.

Бундан буёғига хато қилишга умуман ҳаққимиз йўқ.

Унутмаслик керакки, биз ўз майдонимизда ЕЧЛнинг жорий мавсумида Европанинг энг кучли жамоаларидан бири "Бавария"ни енгдик. Биз яна бир шундай зўр ўйин кўрсатишимиз керак", - дейди германиялик футболчи.

ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида F гуруҳидан ўрин олган "канонирлар" 4-тур ўйинлари натижасига кўра 3 очко билан учинчи ўринда турибди. 5-турда ўзаро учрашадиган "Бавария" ва "Олимпиакос" жамоаларида 9тадан очко мавжуд. Загребнинг "Динамо" жамоаси эса 3 очко билан тўртинчи ўринда.