«Реал» жамоаси президенти Флорентино Перес 23 ноябрь оқшомида ташкил этилган матбуот анжуманида клубдаги вазият юзасидан изоҳлар бериб ўтди.

«Январь ойидан бошлаб жамоанинг ўйинида пасайиш юз бера бошлади. Биз муаммони ҳал қилиш учун Бенитесни танладик. Лекин барча нарсани бир кечада ҳал қилиб бўлмайди.

Директорлар кенгашининг ҳеч бир аъзоси Бенитесни истеъфога чиқариш масаласини кўтармади. Биз унга ишонамиз ва унга имкон беришимиз керак.

Жамоа сардорларидан ҳам ҳеч ким мураббийни алмаштиришни сўрамаган. Криштиану бу ҳақда гапирмади. Криштиану ўзи ёки Бенитесни танлашни сўрамади.

Айримлар мен "Реал"дан кетсам яхши бўлади, деб ўйлайди. Бу фикрга қўшилмайман. Менга турли фикрларни етказишади. Айрим ёлғон фикрларга кўра, мен Роналдуни сотиш бўйича музокара олиб борган эканман.

Кимлардир директорлар кенгаши ва ўйинчилар Бенитес «Реал» мураббийи сифатида ишлашини истамайди, деб ўйлашади. Лекин бу ёлғон», – деди Перес.

Бундан олдинроқ, "Барселона"га қарши "Эл Класико" баҳсидаги йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин (0:4) "Реал" ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоа раҳбариятига бош мураббий Рафаэль Бенитесни бўшатиб юбориш чақириғи билан мурожаат қилгани, йўқса ўзи кетмоқчилигини айтгани ҳақида хабар берилганди.