Россия президенти Владимир Путин Туркия томонидан Су-24нинг уриб туширилиши орқадан берилган зарба деб баҳолади.

“Бу воқеа террорчиликка қарши кураш доирасидан чиқиб кетади. Албатта, бизнинг ҳарбийларимиз террорга қарши қаҳрамонларча курашмоқда, ўз ҳаётларини аямаяпти. Аммо бугунги йўқотиш террорчиларнинг гумашталари томонидан орқамиздан берилган зарба бўлди. Мен буни бошқача тушунтира олмайман”, - деди у.

Путиннинг қўшимча қилишича, бу воқеа АҚШ билан ҳаводаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш борасида келишув имзоланишига қарамай содир бўлди.

“Энди орқамизга зарба беришмоқда, террорга қарши курашаётган самолётларимизга, ваҳоланки биз америкалик ҳамкасбларимиз билан ҳаводаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш борасида келишув имзолаган эдик. Туркия ҳам АҚШ коалицияси таркибида туриб курашмоқда”, - таъкидлади у.