Россия Давлат Думаси спикери ўринбосари Николай Левичев Росавиациядан Россия ва Туркия ўртасидаги авиаалоқани узишга чақирди. Бу мурожаатнома маҳаллий матбуот таҳририятларига ҳам йўлланди. Айтилишича, мурожаат идора раҳбари Александр Нерадькога етказилган.

Левичевнинг фикрича, “Туркия ҳукуматининг ИШИДга муносабатини салбий деб бўлмайдиган бир шароитда жангариларнинг Туркия аэропортига кириш эҳтимоли жуда баланд, бу эса Россия самолётларига нисбатан террорчилик хавфи ошиб кетишига сабаб бўлади”.

“Россия ва Туркия ўртасида авиаалоқани токи Туркия аэропортларида террорчилик таҳдиди манбаларининг тўлиқ бартараф қилинмагунича бутунлай ва дарҳол узиб қўйиш имкониятини кўриб чиқишингизни сўрайман”, - деди парламентарий ўз мурожаатида.