Россия президенти Владимир Путин “Экстремистик фаолиятга қарши туриш тўғрисида”ги федерал қонунга ўзгартишлар киритиш борасидаги янги қонун ҳужжатини имзолади. Унга кўра, муқаддас китоблар матнлари экстремистик деб тан олиниши мумкин эмас.

“Библия, Қуръон, Танах ва Ганжур, уларнинг мундарижаси, улардан олинган иқтибослар экстремистик материаллар деб тан олиниши мумкин эмас”, - дейилади қонун матнида.
Қонун нашр қилинган кунидан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Жанубий Сахалин суди прокурорнинг даъвосига кўра ичида Қуръондан келтирилган иқтибослар бўлган бир китобни экстремистик деб топган эди.

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров бундай қарорга келган шахсларни жавобгарликка тортишга чақирди ҳамда прокурорга қарши даъво билан чиқди. Кенг миқёсдаги муҳокамалардан сўнг Сахалин апелляция суди Қодировнинг даъвосини қондирди ва Жанубий Сахалин шаҳар судининг қарорини бекор қилди.