Суриянинг Латақия ҳудудида Су-24 самолёти учувчиларини қидириш билан банд бўлган Россия Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли вертолёт ҳудуддаги гуруҳлар томонидан зарбага учрагач, мажбурий қўнишни амалга оширган.

Бироз олдинроқ, Суриядаги мухолифат кучлари Россияга тегишли вертолётни уриб туширгани ҳақида хабар берганди.

Бу вертолётга танкка қарши ракета билан зарба берилган.

Ливаннинг радикал кайфиятдаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати маълумотларига кўра, вертолёт уриб туширилмаган, балки мажбурий қўнишни амалга оширган. Ҳаракатнинг қайд этишича, вертолёт бортида бўлганларнинг ҳеч бирига зарар етмаган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь, сешанба куни Туркия Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини ўз ҳаво ҳудудини бузиб киргани учун уриб туширди.

Россия Мудофаа вазирлиги вакилларининг таъкидлашича, самолёт фақат Сурия ҳудудида парвоз қилган.

Бироз олдинроқ, самолётдан катапульта қилинган учувчиларнинг иккиси ҳам ҳалок бўлгани маълум қилинди.