Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида қўлбола усулда контрафакт алкоголли ичимликлар тайёрлашга мўлжалланган яширин цехлар фаолияти фош қилинди.

Жумладан, Оқтош туманида ўтказилган ҳамкорликдаги тадбир давомида мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқаро В.Якубовнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида қўлбола усулда тайёрланган ароқларни қадоқлашга мўлжалланган воситалар, шу жумладан 943 дона муқаддам ишлатилган бутилка металл ва пластмасса қопқоқлари, 50 дона бутилка қопқоғига ўраладиган полиэтилен қопламалар, 85 дона бир хил серия рақамига эга сохта акциз маркалар борлиги аниқланди. Жумладан, бу цехда Jack Daniel's вискиси тайёрланган.

Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи С.Алимованинг хонадони кўздан кечирилганда эса, бу ерда 85 литрдан ортиқ 2 турдаги 190 шиша контрафакт ароқлар қонунга зид равишда сақланаётганини аниқланди.

Самарқанд шаҳрида аниқланган яна бир ҳолатда фуқаро М.Умаровнинг хонадонида божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 17 литрдан ортиқ 2 турдаги 22 дона контрафакт вискилар қонунга хилоф равшида сақланаётгани фош этилди.

Мазкур ҳолатда хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишли таниқли брендларнинг сохталаштирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар қилади Божхона қўмитасининг ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган шу каби қонунбузарлик ҳолатлари натижасида 957 литр сифатсиз алкоголли ичимликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.