Иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндори Дуглас Норт 23 ноябрь куни АҚШда 96 ёшида оламдан ўтди. У ўқитувчилик қилган Сент-Луисдаги Вашингтон университети сайтида хабар берилишича, олим Мичиган штатида жойлашган Бензония қишлоғидаги ёзги уйида вафот этган.

Дуглас Норт ўзининг институционал иқтисодиёт ва иқтисодий тарих соҳасидаги ишлари билан танилган. Жумладан, у тарихий кесимларда турли институтларнинг аҳамиятини тадқиқ қилган, шунингдек, саноат инқилоби контекстида АҚШ ва Европа давлатларининг иқтисодий тараққиётини кўриб чиққан. Олим хусусий мулк ҳуқуқига алоҳида эътибор қаратган.

Норт америкалик иқтисодчи Роберт Фогел билан бирга 1993 йилда “иқтисодий тарих соҳасида унга иқтисодий ва институционал ўзгаришларга ойдинлик киритишга имкон берувчи иқтисодий назариялар ва миқдорий усулларни таклиф этишдаги тадқиқотлари учун” Нобел мукофоти тақдим этилган.