Австралия компаниялари ҳозирданоқ Ҳиндистонга уран етказиб беришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Жули Бишоп маълум қилиб, Австралия ҳукумати Ҳиндистон билан АЭС учун уран етказиб бериш тўғрисидаги келишувни тўлиқ тасдиқлаганини айтиб ўтди.

Тинчлик йўлидаги атом соҳасида икки томонлама келишувга 2014 йилнинг сентябрь ойида эришилган эди, бироқ унинг ижроси хавфсизлик билан боғлиқ масалалар туфайли тўхтаб қолган. Австралия ОАВ маълумотларига кўра, юқоридаги якуний битим яқиндагина бўлиб ўтган “йигирматалик” саммити доирасида икки мамлакат бош вазирлари Малколм Тернбулл ва Нарендра Моди учрашувида тасдиқланган.

Жули Бишоп Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан ҳам худди шундай “якуний шартнома” имзоланганини маълум қилди. “Шундай қилиб, Австралия атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳақидаги 24та битим иштирокчисига айланди ва 42та мамлакат ҳамда Тайванга уран экспорт қилмоқда”, - деди ТИВ раҳбари.

Маълумот учун, Австралия уран захиралари бўйича дунёда биринчи (жаҳон захирасининг 31 фоизи) ва уни қазиб олиш бўйича Қозоғистон ва Канададан кейинги учинчи ўринда туради. Қазиб олинган ураннинг барчаси экспорт қилинади, чунки мамлакатда бирорта ҳам атом электростанцияси мавжуд эмас.