Супероғир вазн тоифаси вакили бўлган британиялик боксчи Тайсон Фьюри украиналик Владимир Кличкога қарши жанг учун ўзига қулай қўлқоп танлай олмаётганини билдирди. Бу ҳақда Boxingnews нашри хабар тарқатди.

«Менга шунчаки яхши бир қўлқоп керак. Ёки у мен хоҳлаган қўлқопни менга беришга розилик берсин. Акс ҳолда жанг бўлмайди. Ягона муқобил йўли — қулқопсиз муштларда жанг қилиш», — дея таъкидлаган Фьюри.

Британиялик спортчининг таъкидлашича, мазкур жанг шартномасига мувофиқ экипировкалар билан таъминловчи Paffen фирмаси унга жанг ўтказиш учун қулай бўлган қўлқопларни тақдим эта олмаяпти. 

«Кличко шу йўл билан ўзи учун устунликларни сотиб олмоқда. Менга эса қўлимни синдириб олмаслигим учун яхши қўлқоп керак. Уни нокаутга учратиб мағлуб этганимдан кейин мен фаолиятимни давом эттираман. Қўлим эса бошқа рақибларни ҳам худди Кличкони калтаклаганимдек калтаклашим учун керак бўлади», — дея қўшимча қилиб ўтган Фьюри.

Эслатиб ўтамиз, икки боксчи ўртасидаги WBA, WBO, IBF ва IBO йўналишлари чемпионлиги учун жанг жорий йилнинг 28 ноябрь куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, 27 ёшли Фьюри шу кунга қадар профессионал рингда 24 жангда иштирок этию барча учрашувларда ғалаба (18 нокаут) қозонган. 39 ёшли украиналик боксчи эса 67 жангининг 64 тасида ғалаба (53 нокаут) қозонган ва 3 бор мағлубиятга учраган.