Махатма Ганди ҳақида мақтовли сўзлар гапириб, уни кўкларга кўтаришнинг ҳожати йўқ. Доно зотнинг ҳаёт йўли ҳаммасини ўз ўрнида, борича айтиб турибди. Махатма Ганди ҳамиша инсонларни покланишга, ҳалолликка ва барча нарсаларни қадрлашга ундаган. Унинг жасорати, даъвати Ҳиндистонга мустақилликни олиб берди. Унинг ноёб ва такрорланмас фалсафаси барча муаммоларни куч билан эмас, тинчлик йўли билан ҳал этиш ғоясини илгари суради. 

Буюк файласуф ва раҳнамо Махатма Ганди доимо "Дунёда муҳаббат ғалаба қилиши учун жанг эмас, тинчлик керак", дея таъкидлаган. Бу инсон ёлғон ва қабиҳликларга тўла дунёда виждони ва номусига гард теккизмай, пок яшай олган файласуф сифатида ҳамиша қадрли. 

Бугун сизга "ҳинд отаси", дея таърифланган Махатма Гандининг ҳаёт, умр, дунё ҳақидаги энг яхши иқтибосларини тақдим этамиз. Ушбу битикларни ўқиган китобхонларни илҳомлантириб, унинг ҳар бир сўзидан яна бир янги фикр, асар, ёзишмалар битишга ундаса ажаб эмас.

Бу битикларни ўқир эканмиз, биз ўзгаришлар замонида яшашимизга қарамай, абадий туйғулар ҳам борлигини унутмаслигимиз кераклигига амин бўласан киши… Буюк инсон Махатма Гандининг фикрлари ҳақиқатан ажойиб ва мўъжизакор гаплардан иборат. Бу иқтибосларни ёдингизда сақлаб, унга ҳар замон назар ташлаб қўйсангиз, фойдадан ҳоли бўлмайди. 

XABARDOR.UZ / Севарабегим