24 ноябрь куни Туркиянинг Россия авиациясига тегишли Су-24 бомбардимончи самолётини уриб тушириши москваликларнинг ғазабини келтирди. Бугун бир гуруҳ намойишчилар Туркиянинг Москва шаҳридаги элчихонаси олдида тўпланишди ва элчихона биносига тошлар, шиша идишлар ва бошқа буюмлар улоқтиришди.

Воқеа жойида бўлган мухбирларнинг маълум қилишича, элчихона атрофида тўпланганлар тошлардан ташқари тухумлар отишган ва деворларга бўёқлар чаплаб ташлашган.

Бир неча деразалар синдирилган. Натижада элчихонанинг бир қанча ходимлари жароҳатланган.

Элчихона маълумотига кўра эса Москва марказидаги Ростов кўчасида жойлашган бу бино олдига 600 нафардан ортиқ киши тўпланган.

Уларнинг қўлларида турли муносабатлар ифодаланган плакатлар бўлган. Хусусан, "Орқадан зарба", "Биз Туркияга бормаймиз", "Туркия - ИШИДнинг шериги" каби ёзувлар бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.

Россия президенти Владимир Путин буни "орқадан зарба бериш" деб баҳолаган.