"Ўзбекэнерго": Электр энергияси аввалдан амалга оширилган тўлов эвазига берилади

Ўзбекистон 25 Ноябрь 2015 10344

2014 йилда Тошкентнинг Бектемир туманида 10 минг истеъмолчи электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, узатилаётган электр энергияси миқдорини аниқлаш, масофадан кўрсаткичларни ёзиб бориш, маълумотларни йиғиш ва бутун жараённи автоматик бошқариш тизими йўлга қўйилди. Натижада туманда қарздорлик ўсиши бартараф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрда қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос бўлган замонавий электрон ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган хўжалик юритувчи субъектларга электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш тўхтатилади. Замонавий электрон ҳисобга олиш ускуналари билан жиҳозлаш уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу қарор асосида «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятлари электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга доир лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширмоқда. «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан татбиқ этилаётган “Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” инвестицион лойиҳаси шулардан бири.

Лойиҳадан кўзланган мақсад тармоққа уланган барча истеъмолчилар томонидан сарфланган электр энергияси бўйича маълумотларни автоматик тарзда йиғиш, ҳисоб-китоб марказларига ўз вақтида узатиш имкониятини яратишдан иборат. Бунда истеъмол қилинган электр энергияси бўйича маълумотлар йиғишда истеъмолчиларнинг ҳисоб схемасига ноқонуний аралашувга чек қўйилади.

Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими орқали талабни бошқариш электр таъминоти графикларини бир маромда бажариш ва ишончлилигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнга хорижий инвестициялар кенг жалб этилмоқда. 2013-2020 йилларда Ислом тараққиёт банки кредитлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида, Осиё тараққиёт банки томонидан Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида, Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида қатор лойиҳалар ишга туширилади.

Бугунги кунда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2016-2020 йилларга мўлжалланган, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарёда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштирувчи, қиймати 491 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишга ҳозирлик кўрилмоқда. Лойиҳа доирасида жойларда 2,6 миллион дона такомиллаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилади.

"Мақсадимиз электр энергиясидан фойдаланишни такомиллаштириш ва истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этишини таъминлашдир. Замонавий электрон ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш орқали электр энергияси ҳисобини юритиш яхшиланади. Масалан, кўпгина ташкилотларда кечаси электр энергиясига эҳтиёж йўқ. Янги тизим ишга тушгач, электр энергияси қайси вақтда ва қанча ишлатилиши ҳақида аниқ маълумотлар базаси яратилади. Бу кундузи ва тунда фойдаланувчи истеъмолчилар учун алоҳида тарифларни ишлаб чиқишда кўл келади", – дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти “Энергосотиш” филиали директори ўринбосари Зафар Каримов.

Хонадонларда қўша-қўша электр жиҳозлар ишлаб тургани электр нимстанцияларининг ҳаддан ортиқ зўриқишига, оқибатда ишдан чиқишига олиб келмоқда. Энди буларнинг бари тартибга солинади. Хўш, бу қандай амалга оширилади?

Ҳисоблагичлар такомиллашган, яъни “ақлли” бўлади. Унда хонадон ёки корхонага қанча миқдорда электр етказиб берилаётгани аниқ акс этиб туради. Буни абонентнинг ўзи ҳам интернет орқали кузатиши мумкин. Бунда абонент мобиль телефонини “Электрҳисоб” дастурига бириктириб, “Ўзбекэнерго” сайти орқали шахсий кабинетга кириш, ўз ҳисобини ва тўловлари мониторингини олиб бориш, сўровлар юбориш ҳамда мобиль телефон рақамига тўловлар ва қарздорлик бўйича қисқа хабарларни қабул қилиши мумкин. Бунда тўловлар, ҳисоблагич кўрсаткичлари, ҳисоб-китоб тарихи, ҳисоблар тўғрисида маълумотларни реал вақт режимида кўриши ва пломбалаш, электр ҳисоблагични алмаштиришга ариза бериши мумкин.

Ушбу тизимни жорий этишда истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини аниқлаш, ҳисоб-китобларнинг амалга оширилишини тўлиқ автоматлаштириш асосий мақсад қилиб белгиланган. Истеъмолчиларни тармоқдан дистанцион тарзда узиб қўйиш имкониятига эга бўлган ҳолда уларга электр энергияси олдиндан тўлов асосида етказиб берилади.

УзА маълумотига кўра, айни вақтда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятида тўловларни online режимида қабул қилиш жорий этилган. Бу билан ҳисобрақами, исм-фамилияси, яшаш манзили, охирги тўлов, қарздорлик ҳақидаги маълумотлар орқали истеъмолчининг ҳисобрақамига тўловлар келиб тушиши таъминланмоқда. Бу истеъмолчини электр энергияси етказиб берувчи ташкилотга боришдан, маълумот олиш учун навбатда туришдан, ортиқча оворагарчиликдан халос этади. Электр энергияси учун аввалдан амалга оширилган тўлов миқдори тўғрисида СМС хабар орқали истеъмолчининг мобиль телефонига 3 кун аввал огоҳлантириш юборилади.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 36204 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 75959 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11639 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 142155 Жамият
Австралия бош вазири Барселонадаги теракт туфайли махсус стратегия ишлаб чиқилишини маълум қилди
10:40 16 Жаҳон
Бразилияда мушт қилиб турган қўл кўринишидаги булут одамларни хавотирга солди
10:36 867 Жаҳон
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 607 Lifestyle
Сохта ҳужжат тайёрлаб, қайнакасининг уйини сотиб юборган аёл фош этилди
10:26 402 Жамият
Швециялик яҳудий Фаластинга пиёда жўнади
10:19 463 Жамият
Чимёнда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилди
10:12 1025 Жамият
Кўпроқ янгиликлар