Тошкентда “Сайлов тизими ва қонунчилигини янада демократлаштириш: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА мухбири Норгул Абдураимова хабар қилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир давомида сайлов тизими ва сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг турли жиҳатлари, жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайлов жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги, партиялараро рақобат, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шу муносабат билан сайловчиларнинг ягона электрон реестри фаолияти бўйича чет давлатларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, мамлакатимизда ҳам бундай реестрнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва ундан фойдаланиш имконияти муҳокама этилди.

Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси А.Цимдарснинг таъкидлашича, Латвия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, сайловчиларнинг ягона электрон реестридан фойдаланиш фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиради, сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлайди.

Сайлов комиссиялари ва маҳаллий органлар ишини енгиллаштириб, сайловчилар тўғрисида аниқ маълумотлар тузиш имконини беради ва "бир сайловчи – бир овоз" принципини таъминлайди. Энг муҳими, сайловчилар масъулиятини ошириб, шикоятлар бўлиш эҳтимолини камайтиради.

Тадбирда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, сайлов жараёни барча иштирокчиларининг сайлов тўғрисидаги қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этиши, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.