АҚШ Мудофаа вазирлиги бош қароргоҳида Истанбул Россиянинг Су-24 ҳарбий самолётини уриб тушириш ҳақидаги қарорни коалиция манфаатига зид равишда қабул қилгани айтилди.

Пентагонда самолётнинг уриб туширилиши масаласида Туркияни ошкор қўллаб-қувватлашни исташмади.  

“Туркия коалициянинг бир қисми ҳисобланади. Бироқ бизнинг фикримизча, барча давлатлар ўзининг ҳаво ҳудудини назорат қилиш ва ҳимоя қилишга ҳақли. Бу ҳаракатлар Туркия томонидан айнан шу сабабли амалга оширилди ва коалиция доирасидаги ҳаракатлар ҳисобланмайди”, деб айтди Пентагон вакили подполковник Мишель Балданс.

Балданс НАТО Истанбулнинг илтимоси билан шошилинч йиғилиш йиққан бўлса ҳам, АҚШ бу воқеага алоқаси йўқлигини қатъий таъкидлаб ўтди.

“Айни пайтда биз АҚШ кучлари бу воқеада иштирок этмаганларини тасдиқлай оламиз”, деб айтди Балданс.