Россия президенти Владимир Путин Сурия ва Туркия чегарасида турклар томонидан уриб туширилган Су-24 русумли бомбардимончи самолёти экипажи давлат мукофоти билан тақдирланишини маълум қилди.

Президент самолётнинг биринчи учувчиси, марҳум командирга Россия қаҳрамони унвонини берган.

Путин самолётнинг иккинчи учувчиси омон қилганини тасдиқлаган.

"У қутқариб қолинган ва билишимча, ҳозирда бизникиларга тегишли авиабазада. У ва уни қутқариш бўйича ўтказилган операцияда иштирок этганлар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланишади", деган президент.

"Кема командири, подполковник Пешков Олег Анатольевичга "ҳарбий бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, мардлиги ва жасорати учун Россия Федерацияси Қаҳрамони (вафотидан кейинги) унвони берилди", дейилади мукофотлаш тўғрисидаги президент фармонида.

Россия президенти сайтида чоп этилган мукофотлаш тўғрисидаги фармонда айтилишича, Россия президенти Су-24 самолётининг Россия ва Сурия ҳарбийлари томонидан қутқариб қолинган штурмани капитан Константин Мурахтин ҳамда қутқарув операциясида қатнашиб, қидирув амалиёти вақтида Латақияда ўрнашган туркман гуруҳлари жангчилари томонидан ўлдирилган матрос Позинич Александр Михайловични (вафотидан кейинги) Жасорат орденлари билан тақдирлаган.

Бироз олдинроқ, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Су-24 самолётининг иккинчи учувчиси қутқарилгани ва базага қайтарилгани ҳақида маълум қилди.

Ундан олдинроқ, Россия Мудофаа вазирлиги учувчилардан бири туркман жангчилари томонидан ҳаводалигидаёқ отиб ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.