Қирғизистонда 2016 йилнинг февраль ойида турар жойларни мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун кучга киради. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Темир Сариев “Биринчи радио” эфирида маълум қилди.

“Қирғизистонда 2016 йилнинг февралидан турар жойларни ёнғин ва бошқа табиий офатлардан суғурта қилиш тўғрисидаги қонун кучга киради. Мазкур қонун турар жой бинолари ёнғин ёки бошқа табиий офатлардан шикаст кўрган ёхуд бутунлай вайрон бўлганда, уни қайта тиклаш жараёнини енгиллаштиради”, - деди Темир Сариев.

“Агарда уй-жой суғурта қилинса, фуқаролар давлат ёрдамидан ташқари суғурта компанияларидан пул маблағларини олади. Қирғизистон – тоғли мамлакат, сейсмологик ҳудудда жойлашган, тупроқ ва қор кўчиши ҳавфи ҳам бор. Турар жойни суғурта қилиш учун бир йилга 2500 сом сарфланади. Бироқ биз турли вазиятларга тайёр туришимиз лозим”, - дея қайд этди ҳукумат раҳбари.