Ўзбекистоннинг Андижон вилояти аҳолиси 24 ноябрь куни кечки соат 21:45да ўчоғи Қирғизистон ҳудудида бўлган зилзила таъсирини сезишган.

"Тошкент" сейсмология маркази маълумотига кўра, бу зилзила Андижонда 2 балл кучланишга эга бўлган. Зилзила маркази Тошкентдан 350 км масофада бўлгани айтилган.

Европа-ўртаерденгизи сейсмология марказининг маълум қилишича, Бишкекдан 284 км, Ўшдан 57 км ва Ўзгандан 39 км масофадаги бу зилзила кучи 5 баллга яқин бўлган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистонда эпицентри Қирғизистон ва Афғонистонда бўлган бир неча зилзилалар қайд этилди. Жумладан, Тошкентда 17 ноябрь куни 22:29 да 2,5—3 балли, 20 ноябрь куни 9:46 да эса 2 балли, 21 ноябрь куни 5:16 да 2 балли, 22 ноябрь куни соат 23:16 да 1—2 балли зилзилалар сезилди.

Бироз олдинроқ, Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори Сабриддин Хусомиддинов Ўзбекистонда 2015 йилнинг охиригача Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда зилзилалар ҳақида тезкорлик билан хабар беришга имкон берувчи ер сирти кучли ҳаракатлари станциялари тармоғи яратилиши ҳақида маълумот берганди.